Жорий йилнинг январь-июнь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси 19 млрд 683 млн долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,8%га ошганини кўрсатмоқда.

Батафсил

Ҳисобот даврида импорт ҳажмлари 11 млрд 246 млн долларга тенг бўлиб, ўтган йилга нисбатан 2 млрд 726 млн долларга ёки 32%га ўсган.

Ташқи савдо айланмасининг салбий салдоси 2 млрд 808 млн долларни ташкил этди.

Республика импорт таркиби. Амалга оширилиган импортнинг 90% ёки 10 млрд 158 млн доллари маҳсулотлар импортига (ўсиш 36%), 10% ёки 1 млрд 88 млн доллари хизматлар импортига тўғри келмоқда (ўсиш 5,8%).

Импорт ҳажмининг юқори ўсиш суръатларини иқтисодиётни ислоҳ қилиш мақсадида саноат соҳасини кенг кўламли модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун олиб келинган маҳсулотлар импорти билан асослаш мумкин.

Хусусан, республикага импорт қилинган маҳсулотларнинг йирик улуши асбоб-ускуна ва транспорт воситаларига тўғри келиб, 4 млрд 432 млн долларни ташкил этди (+45%), шунингдек, саноат маҳсулотлари – 1 млрд 902 млн доллар (+26%), кимёвий маҳсулотлар – 1 млрд 272 млн доллар (+32%), озиқ-овқат ва чорва – 768 млн доллар (+11%), турли тайёр маҳсулотлар – 646 млн доллар (+2,6 марта), ноозиқ-овқат хом ашё – 510 млн доллар (+25,4%), минерал ёқилғи ва мойлаш маҳсулотлари – 437 млн доллар (12,0%га камайган), ўсимлик ва турли ёғ маҳсулотлари – 144,4 млн доллар (+33%), ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари – 21 млн доллар (2,0 марта ошган) ва бошқа маҳсулотлар – 25 млн долларга тенг бўлди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech