Олиб борилган таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, республиканинг жами экспорти жорий йилнинг январь – апрель ойлари якунларига кўра 5,2 млрд. долларни ташкил этиб, 14,3 фоизга ўсди, бунда шаклланган салбий сальдо миқдори 2,1 млн. долларни ташкил этди.

Экспорт ўсиши экспортнинг жисмоний ҳажми (карбамид – 21,9 фоизга, аммиак селитраси – 24,3 фоизга, калий ўғитлари – 8,7 фоизга, мева-сабзавот маҳсулотлари – 14,8 фоизга, табиий газ – 17,8 фоизга, электр энергияси – 94,6 фоизга, қора металл прокати – 16,3 фоизга, катодли мис – 2,7 фоизга, мис катанка – 90,4 фоизга, ишлов берилмаган рух – 3,4 баравар) ўсиши ҳисобига таъминланди.

Шунингдек, экспорт фаолиятига 289 та янги корхонани, шу жумладан 55 та саноат тармоқлари корхоналари (13,4 млн. доллар) ва 234 та ҳудудий корхоналарни (42,4 млн. доллар) жалб этиш орқали ҳам экспорт ўсишига эришилиб, ушбу корхоналар томонидан 55,8 млн. долларга экспорт амалга оширилди.

Батафсил

8,5 млн. доллар суммага товарларнинг 100 га яқин янги турлари экспорти ўзлаштирилди, муайян товар позициялари бўйича маҳаллий маҳсулотларнинг 44 та янги хорижий бозорларга чиқиши таъминланди (5,4 млн. доллар).

Республикадаги корхоналар, шу жумладан кичик ва хусусий бизнес субъектлари чет элда ўтказилган 33 та халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиб, ушбу тадбирлар давомида тўқимачилик, фармацевтика, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришга умумий суммаси 77 млн. долларлик экспорт контрактлари имзоланди.

Транспорт харажатларини камайтириш мақсадида республиканинг ташқи савдо юкларини Туркманистон, Эрон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Қозоғистон, Латвия, Литва ҳудудлари бўйлаб темир йўл транспорти орқали транзит ташишга 30 фоиздан 40 фоизгача чегирма олинди.

Республика корхоналарининг 1079 та савдо уйлари чет элда, улардан 2 таси 2019 йилнинг январь – апрель ойларида очилди ва фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг январь – апрель ойлари якунларига кўра экспорт прогнозининг бажарилиши прогнозга нисбатан 3 966,4 млн. доллар ёки 117,3 фоиз даражасида таъминланди ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан (3 028,3 млн. доллар) 31,0 фоизга ўсди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Котибиятлари корхоналари бўйича экспорт ҳажми давр топшириғига биноан 3 398,5 млн. доллар ёки 115,6 фоиз ҳажмида таъминланди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,6 фоизга ошганлигини кўрсатди.

Экспорт бўйича топшириқ қуйидаги тармоқлар томонидан бажарилмади:

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси – экспорт прогнозга нисбатан 49,3 млн. долларни ёки 84,9 фоизни (қолоқлик даражаси – 8,7 млн. доллар) ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 87,6 фоизни ташкил этди. Топшириқ мис маҳсулотининг тизимли етказиб берилиши вақтинча тўхтатилганлиги сабабли асосий харидорлардан ажралганлик, Эронлик етказиб берувчилар томонидан мис маҳсулотининг нархи ўзбек мисининг сотиш нархидан камайтирилган ҳолда сунъий равишда пасайтирилганлик, шунингдек маҳаллий электр техника маҳсулотининг қўшни давлатлар бозорларида рақобатбардош бўлмаганлиги оқибатида бажарилмади;

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ корхонаси томонидан амалга оширилган экспорт топшириққа нисбатан 5,1 млн. доллар ёки 65,0 фоизни ташкил этди (қолоқлик даражаси – 2,7 млн. доллар). Бунда экспорт амалга ошириладиган ҳудудлар қамрови чекланганлиги, Россия ва Белоруссия қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ҳисобига маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникасининг МДҲ бозорида рақобатбардош бўлмаганлиги, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникасининг ички бозорда талаби катта бўлганлиги топшириқ бажарилмаганлигининг асосий сабаблари ҳисобланади.

“Ўздонмаҳсулот” АЖ – экспорт 1334,6 минг доллар (топшириққа нисбатан 70,2 фоиз)га таъминланди, қолоқлик даражаси 565,4 минг долларни ташкил этди. Топшириқ жорий йилнинг февраль – март ойларида Тожикистон ва Афғонистон бозорларида буғдой нархи тушиб кетганлиги муносабати билан Тожикистон томонидан олдиндан тўлов кечиктирилганлиги сабабли тўлиқ ҳажмда бажарилмади. АИРга қўшимча ҳажм ажратиш ҳисобига I ярим йилликка белгиланган экспорт прогнозини тўлиқ ҳажмда таъминлаш режалаштирилмоқда.

Ҳудудий бўйсунувдаги корхоналар экспорти 509,7 млн. долларни (прогнозга нисбатан 123,6 фоизни) ёки  2018 йилнинг шу даврига нисбатан 174,6 фоизни ташкил этди.

Топшириқ республиканинг барча ҳудудлари бўйича амалга оширилди ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш таъминланди.

Бунда жорий йилнинг январь – апрель ойларига белгиланган топшириқ:

- жисмоний ҳажмларда мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича тасдиқланган балансга нисбатан 448,9 минг тонна ёки 132,4 фоиз даражасида бажарилди ҳамда қиймат ҳажмларида прогнозга нисбатан 321,8 млн. доллар ёки 114,8 фоизни ташкил этди;

- саноат маҳсулотлари бўйича топшириққа (131,8 млн. доллар) нисбатан 187,9 млн. доллар ёки 142,5 фоиз даражасида бажарилди;

- паррандачилик маҳсулотлари бўйича топшириққа (14,5 млн. доллар) нисбатан 3,8 млн. доллар ёки 26,1 фоиз даражасида бажарилди.

Таъкидлаш керакки, ҳисобот даврида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг прогноз параметрлари Андижон вилояти (давр прогнозига нисбатан 89,4 фоиз, қолоқлик даражаси – 2,8 млн. доллар), Бухоро вилояти (давр прогнозига нисбатан 94,2 фоиз, қолоқлик даражаси – 993 минг доллар) ва Тошкент вилояти (давр прогнозига нисбатан 85 фоиз, қолоқлик даражаси – 5,6 млн. доллар) бўйича бажарилмади.

Шунингдек, ўтказилган таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг январь – апрель ойлари якунларига кўра, республика бўйича жами 1122 та корхона, шу жумладан 747 та саноат тармоқлари корхоналари ва 375 та ҳудудий корхоналар экспорт фаолиятини бошламади. Улар бўйича умумий экспорт захиралари 103,7 млн. долларга баҳоланмоқда (саноат тармоқлари корхоналари – 72,6 млн. доллар, ҳудудий корхоналар – 31,1 млн. доллар).

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech