Русский Ўзбекча English

ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия ва музокаралар олиб бориш гуруҳининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 21 июль куни ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича музокаралар олиб бориш гуруҳининг видеоконференция шаклида қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков олиб борди.

Мажлисда ЖСТга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама музокараларга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг 7 июль куни 60 дан ортиқ ЖСТга аъзо мамлакатлар вакиллари иштирок этган Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунлари бўйича 23 давлат вакиллари ва ЖСТ Бош директорининг ўринбосари А.Вулф Ўзбекистонни Ташкилотга киришини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳақида баёнот бергани унинг алоҳида аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.

Экспертларнинг фикрича, Ташкилот тарихида илк бор 15 йиллик паузадан сўнг музокаралар жараёнини қайта бошлаган Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишидаёқ ЖСТга аъзо мамлакатлар томонидан Ўзбекистоннинг Ташкилотга кириши бўйича Ишчи гуруҳ Маърузасининг асоси ҳисобланган Фактологик хулосани тайёрлаш босқичига бирданига ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мажлис давомида ЖСТга аъзо мамлакатлар билан товар ва хизматларнинг бозорларга чиқиши бўйича икки томонлама музокараларга тайёргарликнинг бориши ҳақида маълумот берилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига стратегик ҳужжатларни ўз вақтида шакллантириш, ваколатли ходимлар ва мутахассисларни жалб этиш, ЖСТга аъзо мамлакатларнинг саволларига жавоб бериш учун зарур маълумотларни тўплаш мақсадида музокараларга сифатли тарзда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида кўрсатма берилди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тайёргарлик жараёнини мувофиқлаштиради ва унинг доимий мониторингини олиб боради.

Мажлис якунида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши юзасидан музокараларнинг кейинги босқичига ўтиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди, аниқ режалар белгилаб олинди ва бу жараёнда устувор вазифалар қайд этилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech