Русский Ўзбекча English

“Женева савдо ҳафталиги”нинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш масалалари бўйича махсус сессияси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни видеоконференция орқали БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ва ЖСТ котибияти томонидан Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича ташкил этилган “Женева савдо ҳафталиги”нинг махсус сессияси ўтказилди. Сессия БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) амалга ошириш учун турли мамлакатларнинг ЖСТга аъзо бўлиши нуқтаи назаридан халқаро савдодан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилди.

Сессияда шунингдек, БМТ ЕИК Ижрочи котиби О.Алгаерова, ЖСТга аъзо бўлиш бўлими директори М.Ошикава, Босния ва Герцеговина ЖСТга аъзо бўлиш бўйича бош музокарачи Х.Тиняк, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов, Женевадаги Беларусь ва Қозоғистон дипломатик миссиялари раҳбарлари, шунингдек, олимлар, экспертлар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.

О.Алгаерова ўзининг қутлов нутқида БРМларни амалга ошириш учун савдо ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигини ва ЖСТга қўшилишнинг афзалликларини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, ЖСТга кириш биринчи ўринда барқарор қиймат занжирларини ва савдо шаффофлигини яратишга қаратилган.

ЖСТга кириш бўлими директори М.Ошикава ЖСТ унга аъзо мамлакатлар аҳолисининг фаровонлиги ва иқтисодий ўсишини таъминлашга  йўналтирилган савдо ислоҳотларини илгари суришга қаратилган самарали воситаси бўлиб, БРМга эришишда муҳим роль ўйнайди деб айтди ва сессия иштирокчиларининг диққатини БРМнинг 17 мақсадларидан 13тасини ўз ичига олган ЖСТга кириш масалаларига қаратди. Ушбу масалаларнинг ечими турли давлатларга миллий иқтисодиётларни ислоҳ қилиш бўйича саъй-ҳаракатларига қўшимча туртки беради.

Ўзбекистон томони ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ҳақидаги маълумотларни тақдим этди, хусусан, 2017-2021 йилларда Республикани ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар Стратегияси доирасида ташқи савдо режими, валютани тартибга солиш, божхона ва солиқ қонунчилигини либерализациялаш бўйича кўрилаётган манзилли чоралар таъкидланди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун энг қулай шароит яратади. Шу нуқтаи назардан, бу жараён Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига ва кўп томонлама савдо тизимига янада интеграциялашувига қаратилиб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Сессия давомида Босния ва Герцеговина вакили ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг ҳозирги ҳолати ҳақида умумий маълумот берди ҳамда Қозоғистон вакили Қозоғистоннинг Ташкилотга қўшилиш тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берди.

Сессия якунида иштирокчилар мамлакатларга ЖСТга аъзо бўлишда, жумладан, савдо жараёнларини осонлаштириш, техник регламентларни, санитария ва фитосанитария стандартларини халқаро талабларга мувофиқлаштириш масалаларида ёрдам беришга мўлжалланган ЕИК ташаббусларини амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилишнинг муҳимлигини таъкидладилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech