Русский Ўзбекча English

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар ажратади

Жорий йилнинг 11 июль куни Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун умумий қиймати 500 млн долларлик қарз битимини имзоладилар. Ўзбекистон томонидан битимини Бош вазирнинг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Л.Бурунчук имзоладилар.

Имзолаш маросимида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мантованелли, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев ҳамда Банк ва тегишли идораларнинг бошқа вакиллари иштирок этдилар.

Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 млн доллар ва 224 млн доллар миқдорида молиялаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади: унинг ЯИМдаги улуши 28 фоизни, ушбу секторда банд бўлган меҳнатга лаёқатли аҳолининг улуши 27 фоизни (3,6 миллион киши), мамлакатнинг умумий экспортидаги улуши эса 10 фоизни ташкил этади. Ушбу соҳа юқори иқтисодий ўсишни намойиш этиб келмоқда ҳамда хусусий сектор ривожланишининг драйверларидан бири ҳисобланади.

2017 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар Ўзбекистон ҳукуматининг кенг ислоҳотлар дастурининг муҳим қисмига айланди. Ушбу ислоҳотларнинг мақсади - қишлоқ хўжалигидаги пахта ва буғдой улушини камайтириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни, шу жумладан, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида соҳада меҳнат унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини экспортини кўпайтириш, тармоқни янада модернизация қилиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишдир.

Кредит шартномаларни имзолаш маросимида Сардор Умурзаков - "Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар қишлоқ жойларида кўпроқ ҳақ тўланадиган иш ўринларининг яратилишига, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамланишига ва Ўзбекистон фермерлари ва агросаноат корхоналарининг экспорт даромадларини ўсишига имкон беради. Ушбу мақсадларга эришиш учун ҳукумат Жаҳон банки ва бошқа халқаро шериклар билан яқин ҳамкорлик қилади. Банк томонидан молиялаштирилаётган янги лойиҳа қишлоқ хўжалигини бозор ва рақобатбардош тармоққа айлантиришга ҳисса қўшади, шунингдек, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларимизга давлат хизматлари тақдим этилишини сезиларли даражада яхшилайди", деб қайд этди.

Ушбу лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги фермерлар ва агро корхоналари вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳатлар, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ўсиши ҳисобига уларнинг ички ва халқаро бозорларда иштироки кенгаяди.

Шунингдек, лойиҳада маҳаллий тижорат банкларининг иштироки туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, иссиқхона ҳужаликларини ташкил этиш ҳамда маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш, шунингдек, энергетик ва сувни тежайдиган технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишни  назарда тутган ҳолда экспортга йўналтирилган қўшимча қиймат занжирларини кўпайтириш учун улардан фойдаланиш истиқболлари билан узоқ муддатли кредит ресурсларини жалб қилиш имкониятига эга бўладилар.

Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва тармоққа илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беради. Лойиҳа тадбирлари уруғчиликни ривожлантириш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, муайян ҳудудларга мўлжалланган агроэкологик иқлимга чидамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистондаги ўсимликларнинг ноёб генетик материалларини сақлаш масалаларига қаратилган бўлади.

"Жаҳон банки хусусий сектор улушини ошириш ва тармоқда давлат иштирокини камайтиришга йўналтирилган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясини амалга оширишга ёрдам беришдан ҳурсанд", деди Марко Мантованелли. "Бу йилда, Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси туфайли инқирозга учраган бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, қишлоқ хўжалиги ўсишни намойиш этиши керак. Бу озиқ-овқат маҳсулотларига доимий мавжуд бўлган талаб билан боғлиқдир. Тармоқ мамлакат иқтисодиётини тиклаш локомотивларидан бирига айланиши мумкин. Бундай қийин кунларда янги лойиҳа минглаб фермерлар ва агрокорхоналар вакилларига ишлаб чиқаришни оширишга ва ўз маҳсулотлари экспортини кўпайтиришга ёрдам беради.

Таъкидлаш керакки, "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш" йилида ҳужжатларни имзолаш электрон имзо билан амалга оширилди ва Жаҳон банкининг минтақада ушбу форматда имзоланган биринчи ҳужжатига айланди.

2017 йилда Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланиши билан Жаҳон банкининг молиявий ва техник ёрдами сезиларли даражада ошди. Бугунги кунда ташкилотнинг умумий қиймати 4,4 млрд АҚШ долларига тенг 23 та лойиҳадан иборат бўлган Ўзбекистон бўйича дастури Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастури ҳисобланади. Банк ҳукуматга турли соҳаларда, жумладан, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимларини, сув таъминоти, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, коронавирус пандемиясининг соғлиқни сақлаш тизимига, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлиги салбий таъсирини юмшатиш бўйича инқирозга қарши дастурни амалга оширишда муҳим ёрдам кўрсатмоқда.

Маълумот учун: Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) Жаҳон банкининг асосий кредит берувчи муассасаси бўлиб, айни пайтда 189 аъзо давлатга тегишли глобал ривожланиш ташкилоти ҳисобланади. Дунёдаги энг йирик ривожланиш банки сифатида, ХТТБ Жаҳон банки гуруҳининг миссиясини кредитлар, кафолатлар, таваккалчиликларни бошқариш бўйича маҳсулотлар ва маслаҳат хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, ХТТБ минтақавий ва глобал муаммоларга жавоб чораларини мувофиқлаштиради.

Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ) Жаҳон банкининг таркибида 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, тенгсизликни камайтириш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш дастурларини амалга ошириш учун кредитлар ва грантлар тақдим этиш орқали камбағаллик масштабини камайтиришга йўналтирилгандир.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech