Русский Ўзбекча English

Вашингтонда Ўзбек-америка бизнес форуми бўлиб ўтди

Вашингтонда Ўзбек-америка бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда АҚШ савдо вазири У.Росс, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси бошлиғи К.Лэмм, Американинг йирик компаниялари, тижорат банклари, жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Форум кун тартиби очиқлик ва шаффофлик асосига қурилган инвестициявий, молиявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Ўзбекистон салоҳиятини мутлақо янги платформа сифатида комлекс ёритишга йўналтирилди.

Бу борада форум иштирокчилари томонидан мавжуд моддий ва инсон ресурслари, шунингдек, мамлакат ЯИМ да хусусий секторнинг ўрнини мустаҳкамлаш бўйича иқтисодиётнинг ўзбек моделидаги ижобий ўзгаришлар, хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, саноат ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш, банк-молия секторидаги ўзгаришлар, хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш бўйича қабул қилинаётган амалий чора- тадбирлар эътиборга олиниб, Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорликнинг афзалликлари муҳокама этилди.

Форум давомида олиб борилаётган ислоҳотларнинг устивор йўналишлари, жумладан,  хорижий тажрибани ўзлаштириш йўли билан давлат тузилмаларининг иш самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг халқаро иқтисодий ва молиявий рейтинглардаги ўрнини сезиларли даражада яхшилаш ҳамда халқаро молия институтлари билан комплекс алоқаларни кенгайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Форум дастурига кўра бўлиб ўтган  ялпи сессиялар Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш, инвестициявий жозибадорликни таъминлаш ҳамда молиявий инструментлар ва бизнесни ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини шакллантириш масалаларига бағишланди. Ялпи сессияларда Ўзбекистоннинг тармоқ вазирлик ва идоралари, шунингдек, Американинг йирик холдинг ва компаниялари раҳбарлари сўзга чиқдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech