Русский Ўзбекча English

Ўзбекистонда Россиянинг “Герофарм” компанияси билан ҳамкорликда инсулин ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишга туширилади

Москвада Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг “Герофарм” биотехнология компанияси раҳбарияти ҳаёт учун зарур бўлган инсулин дори воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш лойиҳасини шакллантириш бўйича амалий чора-тадбирларни бошлаш тўғрисида битим имзоладилар.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Герофарм” компанияси ўртасида Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини ҳаётга жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш назарда тутилган.

Лойиҳанинг амалга оширилиши қандли диабет билан оғрийдиган беморлар учун бир қатор муҳим дори воситаларининг оммабоплигини сезиларли даражада оширади ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу дорилар импортига қарамлигини камайтириш, дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда биотехнологик ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Россия ишлаб чиқарувчисига лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак беради. Яқин келажакда томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва муддатларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб тасдиқлайдилар.

Маълумот учун: “Герофарм” МЧЖ МДҲ ва ЕОИИ мамлакатларида биотехнологик дори ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи компания ҳисобланади. Компания эндокринология соҳасида юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилади. “Герофарм” инсулинларига Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорида талаб катта.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech