Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш йўлида жадал ҳаракатламоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо – Ивеала билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнининг бугунги ҳолати, шунингдек, республиканинг ушбу Ташкилотга қўшилиши доирасида музокараларни янада фаоллаштириш бўйича долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг сезиларли натижалари ЖСТга аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистонга нисбатан ижобий муносабатини шакллантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бундан ташқари, ЖСТ Бош директори Ўзбекистон ҳукумати томонидан Ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини фаоллаштиришга доир амалга оширилаётган тизимли ва изчил чора-тадбирларга ҳамда зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишнинг суръати ва сифатига юқори баҳо берди.

Айни пайтда икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартибидаги устувор вазифалардан бири Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг бу йилги навбатдаги, 5-йиғилишини ўтказиш эканлиги таъкидланди. Томонлар мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш борасида бир қатор амалий масалаларни муҳокама қилиб, ушбу йўналишда кейинги қўшма тадбирларни белгилаб олдилар.

Н. Оконжо – Ивеала Ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга ва муштарак масалаларни тезда ҳал қилиш мақсадида бу йўналишда биргаликда иш олиб боришни жадаллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида ЖСТ Котибияти билан мунтазам алоқаларни давом эттириш ва Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишини сифатли ташкил этиш, шунингдек, миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда аъзо давлатлар билан музокаралар олиб бориш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш мақсадида унинг техник ёрдамини жалб этишга келишилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech