Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Кудратов билан Венгриянинг экспортни ривожлантириш ва шарқий алоқалар бўйича давлат котибининг ўринбосарлари И.Йоо ва А.Барани ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон-Венгрия шериклигининг кун тартибидаги долзарб масалалари ва уни устувор йўналишлари бўйича кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Эътибор марказида икки мамлакат ишбилармон доираларини жалб қилган ҳолда саноат кооперацияси соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари бўлди. Венгрия томонига амалга ошириш учун ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон томонидан ташаббускорлар аниқланиб бўлинган қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, фармацевтика, кимё саноати соҳасидаги 40 та истиқболли лойиҳалар рўйхати кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Венгриялик ҳамкасблар ушбу лойиҳаларни ўрганишни дарҳол бошлашга, шунингдек, Венгрия тадбиркорлари орасида бўлажак шерикларни излашга тайёрлигини билдирдилар.

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида 2019 йил якунлари бўйча эришилган савдо айланмасининг сезиларли ўсиши ҳамда 2020 йилда ўзаро савдода кузатилган ижобий тенденциялари қайд этилди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини янада ошириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар ва бу борада аниқ қадамларни, жумладан, қўшма савдо уйини очиш ва Будапешт шаҳрида Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг кўргазмасини ташкил этишни белгилаб олдилар.

Шунингдек, томонлар жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик ишларининг боришини ҳам муҳокама қилдилар.

Илм-фан ва таълим соҳасида ўзаро алоқаларга алоҳида тўхталиб ўтилди – бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Венгриянинг Дебрецен университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ишлаб чиқилаётган битим алоҳида аҳамиятга эгадир. Унинг имзоланиши “икки диплом”ларни тан олиш амалиётини икки томонлама асосда жорий этишга имкон беради ҳамда Венгрия ва Ўзбекистонда қўшма факультетларни очиш учун имкониятларни яратади.

Келгусидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш учун Венгриянинг Дебрецен университети раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

ВКА доирасида томонлар ҳудудлараро шериклик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар - Венгриянинг Веспрем вилояти ва Ўзбекистоннинг Навоий вилояти, шунингдек, Пештен ва Тошкент вилоятлари ўртасида қардош муносабатларни ўрнатиш учун шарт-шароитлар кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида муҳокама этилган йўналишлар доирасида мунтазам равишда мулоқот қилишни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech