Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги инвестициявий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди

Жорий йилнинг 17 февраль куни Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон – Венгрия кўп қиррали ҳамкорлигининг долзарб жиҳатлари, эришилган келишувларнинг амалга оширилиши, шунингдек, бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарликнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди.

Таъкидландики, пандемиянинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсирига қарамай, Венгрия ва Ўзбекистон иқтисодий шериклик кўрсаткичларидаги ўсишнинг ижобий динамикасини сақлаб қола олди. Шу билан бирга, томонлар ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини қамраб олиш орқали инвестициявий ва савдо-иқтисодий муносабатларни изчил кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, кимё, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳалари сонини оширишнинг шарт-шароитлари кўриб чиқилди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда тегишли вазирлик, идора ва салоҳиятли ҳамкорлар томонидан қатор янги истиқболли лойиҳаларни ҳар тарафлама ўрганишни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Венгрия Ишбилармонлик кенгашининг ташкил этилиши икки мамлакат ўртасидаги бизнес - мулоқотини мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Томонлар Ўзбекистонда венгриялик тадбиркорларнинг инвестициявий иштирокини кенгайтириш учун ушбу платформанинг имкониятлари ва воситаларидан фаол фойдаланиш ниятида эканликларини қайд этдилар.

Мулоқот давомида Венгрия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши, «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициар мамлакати мақомини олиши ҳамда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш масалаларида фаол ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, ҳар икки мамлакат манфаатдор бўлган лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришни назарда тутган ҳолда, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши платформаси доирасида ҳамкорлик қилишнинг кенг истиқболлари белгилаб олинди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар икки мамлакат ўртасида амалда бўлган келишувларни ҳамда Ўзбекистон делегациясининг Венгрияга мазкур ташрифи давомида эришилган янги келишувларни муҳокама қилиш ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича мунтазам мулоқотни давом эттириш юзасидан якдил фикрга келдилар. Томонлар Ўзбекистон – Венгрия Ишлармонлик кенгашининг 1-йиғилиши, Минтақалараро форум ҳамда икки мамлакат Ректорлари форуми каби қатор қўшма тадбирлар ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича амалий тадбирларни келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech