Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Украина: кўп қиррали ҳамкорликнинг янги истиқболлари

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Украинанинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Н.Дорошенко билан учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида инвестициялар, саноат кооперацияси, савдо, транспорт ва маданият соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдони янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш ҳамда яқин келажакда унинг ҳажмини йилига 1 млрд долларгача ўсишини таъминлаш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Мамлакатлар ўртасида кимё, нефть-кимё, металлургия, озиқ-овқат, фармацевтика, саноат кооперацияси соҳасида ва ахборот-коммуникация технологиялари секторида ҳамкорликнинг муҳим истиқболлари белгилаб олинди. Машинасозлик ҳамда нефть ва газ ускуналарини ишлаб чиқариш соҳасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш ташаббуси ҳам кўриб чиқилди.

Талабга эга қишлоқ ҳўжалик экинларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма агросаноат корхоналарини ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги соҳасида кооперация қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш долзарблиги қайд этилди.

Учрашув якунида инвестициявий, саноат ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини ўрганиш ва уни кенгайтириш бўйича аниқ таклифларни тайёрлаш мақсадида икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларидан иборат қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech