Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Октай билан телеконференцалоқа шаклида музокаралари бўлиб ўтди.

Томонлар инвестиция, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама шартномаларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш бўйича келгуси чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил февраль ойида Туркияга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”га киритилган лойиҳаларни руёбга чиқариш билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга жорий қилишда ҳар икки мамлакат тадбиркорларини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Туркиянинг ҳудудларда саноатни ривожлантириш борасидаги тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш ва махсус иқтисодий зоналарнинг самарали фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Икки мамлакат тегишли вазирликлари томонидан Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни қисқа муддатда келишиш ҳамда тасдиқлаш борасида биргаликда олиб борилаётган ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Мулоқот чоғида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссияси (ҲК)нинг 6-йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди. Шу ўринда, тадбир доирасида ўзбек ва турк тадбиркорлари иштирокида ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни рағбатлантириш ва саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни шакллантиришга қаратилган бизнес-форум ташкил этишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида томонлар эришилган келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга қаратилган яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech