Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Туркия: хорижий тажриба - жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланиш гаровидир  

Жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркия Республикаси Буюк миллий мажлиси аъзолари Ж.Йилмаз ва Л.Элван билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида Туркиянинг етакчи мутахассислари ва маслаҳатчиларини жалб қилиш бўйича жорий ҳамкорликнинг бориши кўриб чиқилди. Ушбу йўналишда амалий ҳамкорлик аллақачон бошланганлиги таъкидланди: июнь ойида «Turkish Airlines» авиакомпаниясининг собиқ вице-президенти, фуқаро авиацияси соҳасидаги халқаро даражадаги эксперт О.Сиврикая «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпаниясининг фаолиятини янада такомиллаштириш учун маслаҳатчи сифатида жалб этилган бўлиб, ҳозирда у Бошқарув раисининг ўринбосари лавозимида ишламоқда. Шунингдек, турк томонининг кўмаги билан Ўзбекистонда Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг (ТОВВ) филиали очилди ва у ерга талабаларнинг қабул қилиниши жорий йилда бошланади.

Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг бир қатор устувор тармоқлари - қурилиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг ривожланишини фаоллаштириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Институционал ислоҳотларни амалга оширишда, инвестиция муҳитини изчил яхшилашда, йирик хорижий инвесторларни жалб қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этишда Туркия тажрибасини ўрганиш ва қўллашнинг истиқболлари таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, келгусида биргаликда ишлаш учун аниқ йўналишлар, жумладан, қонун ҳужжатларидаги ўзгаришларнинг республика инвестиция муҳитига таъсирини баҳолаш, қурилиш соҳасида техник регламентлар ва жараёнларни оптималлаштириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтириш бўйича амалий чоралар белгиланди.

Томонлар Ўзбекистонда электрон краудсорсинг платформасини яратиш учун турк экспертларини жалб қилиш тўғрисида келишиб олдилар. Ушбу платформа Республикада лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий ва маҳаллий ишбилармонларга юзага келаётган муаммолар ҳақида онлайн-режимда хабар бериш, тегишли давлат тузилмаларига эса - келиб тушган сўровларга тезкор жавоб бериш имкониятини беради.

Бундан ташқари, Туркия ва Ўзбекистон компаниялари иштирокида қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва автомобиль саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларга янги инвесторларни жалб қилиш доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат органлари ходимлари учун малака ошириш ва сафарга чиқиш билан боғлиқ стажировка ўташ дастурларини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech