Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди

5 июнь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тожикистон Республикаси саноат ва янги технологиялар вазири Ш.Кабир ва Тожикистон Республикаси иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири З.Завқизодани қабул қилди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имкониятлари ва шарт-шароитлари муҳокама қилинди.

Автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, электротехника ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш объектларини ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма корхоналарни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон – Тожикистон савдо айланмасининг ижобий динамикаси қайд этилди: биргина жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40%га ошди. Томонлар мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш салоҳиятини таъкидлаб, бу борада амалий ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар. Кутилаётган олий даражадаги ташриф давомида имзоланиши режалаштирилган электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳасидаги янги савдо шартномалари рўйхати юзасидан ўзаро келишишни якунига етказиш бўйича якдил фикр билдирилди.

Шунингдек, қўшма тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар, хусусан, Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида биринчи ўзбек-тожик ҳудудлараро форумини ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди. Форум доирасида иштирокчиларининг Тожикистон ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарга ташрифлари, шунингдек, икки мамлакат расмий ва ишбилармон доиралари вакилларининг “B2B” ва “G2B” шаклларида ўзаро учрашувлари ташкил этилади.

Музокаралар якунида икки мамлакат саноат тармоқларининг рақобат устунликларининг чуқур таҳлили ва савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика ҳамкорлигини янада ошириш бўйича аниқ таклифлар асосида саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳини тузиш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech