Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Тожикистон саноат кооперацияси ва ўзаро савдони ривожлантиришни мақсад қилган

Тожикистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тожикистон Республикаси иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқизода Завқи Аминни қабул қилди.

Учрашув давомида икки Давлат раҳбарларининг самарали сиёсати туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ва жадал ривожланишда давом этаётгани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришга оид қўшма амалий чора-тадбирларни бажаришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Томонлар инвестициявий ҳамкорлик ва икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш соҳаларида улкан ишга солинмаган салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидладилар. Бунда, томонлар юқори қўшимча қийматга эга бўлган ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш ва истиқболда учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш борасида ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида якдил фикр билдирдилар. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази Тожикистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан биргаликда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича истиқболли соҳаларни таҳлил қилиш ва ушбу тармоқларда аниқ лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш чораларини кўришига келишиб олинди. Шунингдек, ўзбек ва тожик ишбилармонлар доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун қўшма бизнес-форумлар ўтказиш ташаббуси маъқулланди.

Томонлар ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъкидлади: ўтган 4 йил мобайнида бу кўрсаткич 4 баробардан зиёд ошди. Товар етказиб беришда географик яқинлик ва транспорт харажатларининг камлиги туфайли ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Шу муносабат билан мавжуд техник тўсиқларни бартараф этиш, савдо тартибларини соддалаштириш ва маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларига қулай киришини таъминлаш орқали ўзбек ва тожик ишлаб чиқарувчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутган ҳолда яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш бўйича амалий ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Томонлар, шунингдек, макроиқтисодий прогнозлаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари экспертлари савдо айланмасини кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун қисқа муддатда “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга киришишлари белгиланди.

Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил июнь ойида Тожикистон Республикасига бўладиган ташрифининг кун тартибини тайёрлаш бўйича ишларни давом эттириш ва фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Музокаралар якунида белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга келишилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech