Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Тожикистон кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўлида ҳаракатланмоқда

5 июнь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Тожикистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид билан учрашди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига ташрифига тайёргарлик кўриш ва тегишли тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида Тожикистон томони кутилаётган олий даражадаги ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш учун кучли рағбат бўлиб хизмат қилиши ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.

Охирги бир неча ой давомида икки мамлакат вазирлик ва идораларининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва минтақалараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармон доираларининг бир-бирига яқинлаштириш борасида биргаликда олиб борилган қизғин ишларнинг якунлари кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришда қўлланилган тизимли ёндашув қисқа вақт ичида аниқ натижаларга эришиш ва икки томонлама ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада кенгайтириш имконини бергани таъкидланди. Жорий йилнинг 9 июнь куни Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида бўлиб ўтадиган биринчи ўзбек-тожик ҳудудлараро форуми давомида имзоланиши режалаштирилган йирик инвестиция лойиҳаларини ва савдо битимларини ҳаётга жорий этиш борасида эришилган қатор келишувлар бунинг исботидир.

Томонлар инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар, шунингдек, мавжуд тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини изчил бартараф этиш ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига чиқишини соддалаштириш орқали ўзаро савдони ривожлантириш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Мазкур чора-тадбирлар яқин келажакда ўзбек-тожик савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифасини бажариш имконини беришига ишонч билдирилди.

Томонлар яқин ҳукуматлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, эришилган ютуқларнинг мониторингини олиб бориш ҳамда муносабатларнинг янги истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун мунтазам учрашувлар ўтказиш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиришда эришилган суръатларни сақлаб қолиш ниятини билдирдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech