Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 4 май куни Макка шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Саудия Арабистони Подшоҳлиги тижорат вазири Мажид бин Абдуллоҳ ал-Қассабий билан Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасида ўзаро савдо доирасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини ва савдо айланмасини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Мулоқот давомида томонлар ўзаро савдони ривожлантиришнинг улкан салоҳиятини қайд этдилар ҳамда савдо тўсиқларини бартараф этиш ва икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш юзасидан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Томонлар стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида “Ўзстандарт” Агентлиги ва Саудия Арабистони стандартлаштириш, метрология ва сифат агентлиги ўртасида техник ҳамкорлик бўйича қўшма дастур тасдиқланишини олқишладилар.

Божхона жиҳатидан тартибга солиш ва ахборот билан алмашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида идоралараро битимни имзолаш мақсадида икки мамлакат божхона хизматлари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришга келишилди.

Шунингдек, томонлар ишчи гуруҳ даражасида савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва уларни тезда амалга ошириш чораларини кўришга келишиб олдилар.

Учрашув якунида келгуси ҳамкорликнинг шакли ва мақсадларини белгиловчи келишувларга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech