Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссия (ҲК) ҳамраислари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетниковнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган ҲКнинг 21-йиғилиши баённомасида белгиланган икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш чора-тадбирлари бажарилишининг мониторинги кун тартибининг асосий мавзуси бўлди. Мавжуд масалалар атрофлича таҳлил этилиб, тегишли соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кучайтиришга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Кичик комиссиялар ўртасида саноат кооперацияси, молия ва банк соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, шунингдек, инновация ва рақамли технологиялар, маданият ва туризм бўйича янги кичик комиссияларни ташкил этишга келишилди. Жорий йилнинг кузида Москвада бўлиб ўтиши режалаштирилган ҲКнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ҳамкорлигининг фаоллиги қайд этилди. “Осон бўлмаган шароитларда ҳам ўзаро савдонинг ижобий динамикасини яна бир бор кузатмоқдамиз. Эслатиб ўтаман, пандемияга қарамасдан, Ўзбекистон билан икки томонлама савдо айланмаси 2020 йилда 15,6%га ошди ва бу ишбилармонлик алоқаларининг мустаҳкамлиги ва самарадорлигини кўрсатади. Жорий йилнинг 7 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,8% ўсишни қайд этаяпмиз. Ўзаро савдодаги ижобий динамика бу йил охиригача ҳам сақланиб қолишини кутмоқдамиз”, - деб, қайд этди М.Решетников учрашув давомида.

Ўзбекистон томони ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражаси ҳамда эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича асосий вазирлик ва идоралар ўртасидаги яқин ва тезкор ҳамкорликни таъкидлади. “Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ишонч даражасининг ниҳоятда юқорилиги сабабли Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни барқарор ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг юқори динамикасини сақлаб қолиш имконини берувчи стратегик шериклик даражаси таъминланмоқда”, деб таъкидлади С.Умурзаков.

2017 ва 2018 йилларда юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича тасдиқланган қўшма лойиҳаларнинг бугунги ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги пайтга келиб, уларнинг умумий портфели 15 млрд долларга тенг бўлган 151 та инвестициявий лойиҳани ўз ичига олади. Томонлар келишилган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, янги инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари портфелини шакллантириш бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан амалий чоралар кўришга келишиб олдилар. Шу мақсадда, яқин келажакда икки мамлакатнинг тармоқ вазирликлари, ассоциациялари ва бирлашмалари, йирик давлат компаниялари ҳамда ҳудудлар маъмуриятлари раҳбарларидан иборат делегацияларнинг ўзаро ташрифлари ташкил этилади.

Шунингдек, бир қатор икки томонлама тадбирларга жумладан, II-Медиафорум, II-Таълим форуми, II-Минтақалараро ҳамкорлик форуми, ХҲЮКда Ўзбекистон Республикаси Миллий павильонининг расмий очилиш маросими ва “Made in Uzbekistan” тармоқлар кўргазмасига тайёргарликнинг бориши ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

 Учрашув якунида аниқ чора-тадбирлар, муддатлар ва уларни амалга ошириш механизмларидан иборат икки томонлама ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ҲКнинг  кичик комиссиялари ишини фаоллаштиришга келишилди. Ушбу таклифлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорлигига доир шакллантирилаётган дастурга асос бўлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech