Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Россия саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиради

23 июнь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуров билан учрашди.

Музокаралар кун тартибига кенг кўламли саноат, инвестиция, савдо-иқтисодий масалалари киритилди. Томонлар турли даражадаги икки томонлама муносабатларнинг фаоллигини, шунингдек, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда эришилган ютуқларни қайд этдилар. Хусусан, Тошкент шаҳрида ўтказилган “Иннопром” кўргазмаси якунида умумий қиймати 3,2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан битимлар ва савдо шартномалари имзоланганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиясининг бўлиб ўтган йиғилиши юқори баҳоланди. Эришилган келишувлар ва имзоланган идоралараро ҳужжатлар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали иқтисодий шерикликнинг ривожланишига кучли туртки бериши таъкидланди.

Россия Федерациясига кутилаётган олий даражадаги ташрифнинг иқтисодий кун тартибини тайёрлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, томонлар инвестиция битимлари ва савдо шартномаларига эришиш учун тегишли вазирлик ва идораларнинг саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликдаги ишларини жадаллаштиришга келишиб олдилар. Шунингдек, томонлар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган Лойиҳа офиси фаолиятига алоҳида эътибор қаратадилар. Офис томонидан ҳозирги кунда фармацевтика, ишлов бериш, машинасозлик, металлургия ва кимё саноатида йирик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Ўзаро савдони ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Бу борада томонлар Ўзбекистонда техник тартибга солиш ва стандартлаштириш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш учун россиялик экспертларни жалб этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида ўзаро келишувларни амалга ошириш ва қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech