Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Россия кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашди.

Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама муносабатлар ривожланишининг юқори динамикаси ва икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик изчил мустаҳкамланаётганлиги таъкидланди.

Учрашув давомида пандемия ва ковиддан кейинги даврда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг интенсивлиги қайд этилди. Жумладан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, видеоконференция шаклида икки томонлама музокаралар ҳамда турли даражадаги бир қатор ўзаро ташрифлар ташкил этилган.

Учрашув чоғида савдо – иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш борасида биргаликда олиб борилаётган ишларнинг истиқболлари ва жорий ҳолати кўриб чиқилди. Томонлар яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини 10 млрд долларга етказиш мақсадида уни ошириш бўйича биргаликда амалий чора-тадбирларни кўришга содиқлигини билдирдилар. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат божхона органларининг икки давлат ҳудудлари орқали юк ташишни амалга оширишда божхона тартибини соддалаштиришга қаратилган муваффақиятли ҳамкорлиги қайд этилди.

Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди – икки мамлакат ҳукуматлари томонидан қўшма инвестиция лойиҳаларининг йирик тўпламини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Келишилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари даражасида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, олдиндан режалаштирилган икки томонлама тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг йиғилиши ҳамда Тошкент шаҳрида “Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмасини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг солиқ ва кадастр тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек стандартлаштириш соҳасида миллий қонунчиликни халқаро меъёрлар билан уйғунлаштиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун Россия Федерациясининг техник ёрдамини жалб этишга келишилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон – Россия кўп қиррали муносабатларини янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга оид қатор келишувларга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech