Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Россия инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олди

Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари А.Оверчук, Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазири Д.Мантуров ва Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетников билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди, улар давомида ўзаро савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-логистика ҳамкорлигини чуқурлаштиришнинг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.

Учрашувлар чоғида икки мамлакат вазирликлари ва идоралари томонидан илгари бўлиб ўтган музокараларда муҳокама қилинган иқтисодий шерикликнинг янги йўналишлари бўйича фаол иш олиб борилаётганлиги, шунингдек, томонларнинг қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо битимларини тузишни назарда тутган ҳолда, аниқ келишувларга эришиш учун барча мавжуд масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича қатъий садоқати таъкидланди.

Икки мамлакат иқтисодиётининг юқори даражадаги диверсификацияси қайд этилди, бу эса барча соҳаларда кооперация алоқаларини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар яратади. Россия Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг йирик инвесторлардан бири эканлиги, узоқ давр мобайнида Республикада Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони кўпайишининг барқарор ўсиб бораётган динамикаси сақланаётганлиги таъкидланди.

Маълумот учун: 2019 йилда Ўзбекистонда Россия Федерациясининг 1,3 млрд доллар миқдордаги инвестициялари ўзлаштирилди (улардан тўғридан-тўғриси - 650 млн доллар), 2020 йилнинг биринчи чорагида эса - 329,5 млн доллар. Умуман олганда, 2020 йил охирига қадар 1,5 млрд долларлик Россия инвестицияларини ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Саноат кооперацияси соҳасида ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни аниқ ташаббускорлар ва амалга ошириш муддатларини белгилаган ҳолда тасдиқлашни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, агросаноат мажмуи, енгил саноат, электротехника соҳаси, энергетика, автомобилсозлик, нефт ва газ тармоғи, ёғочни қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги лойиҳавий таклифларни ўрганиш ишлари давом эттирилади. Таклифларни саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”га киритиш ҳам режалаштирилди.

Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 21-мажлисини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Бу йўналишда биргаликда иш олиб боришдан мақсад асосланган ўзаро манфаатли инвестиция ва савдо битимлари тўпламини шакллантириш ва имзолашга тайёрлашдан иборат бўлади.

Шу билан бирга, инвестиция соҳасида шериклик, савдо айланмасини кўпайтириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштиришнинг самарали механизми сифатида минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида урғу беришга келишиб олинди. Шу нуқтаи назардан, Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган II Минтақалараро ҳамкорлик форуми ва «Made in Uzbekistan» Миллий маҳсулотлар кўргазмасига биргаликда тайёргарлик кўриш доирасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат бозорларига Россия ва Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот учун: 2019 йилда ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан 15,6% ўсиб, 6,63 млрд долларни ташкил этди.

Россия томони икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўзаро савдо соҳасида ижобий тенденцияларини мустаҳкамлаш учун олиб борилаётган фаол ҳамкорликдаги ишлари яқин келажакда савдо ҳажмини 10 млрд долларга етказиш имконини беришини таъкидлади.

Ҳамкорликнинг йирик имкониятлари божхона фаолиятини тартибга солиш, божхона инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, сертификатлаштириш ва метрология стандартларини уйғунлаштириш соҳасида ҳам қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда синов ва метрология лабораториялари тизимини модернизациялаш бўйича биргаликда амалий фаолият олиб бориш муҳокама қилинди ҳамда Ўзбекистондан Россияга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш учун республикада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бўйича аккредитациядан ўтган Россия лабораторияларининг бўлинмаларини очиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Россия вилоятлари ва йирик иш берувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш орқали Россия Федерациясида Ўзбекистон фуқароларининг бандлигини ташкил этувчи оператор бўлиб хизмат қиладиган кўп функцияли миграция марказини Ўзбекистон ҳудудида очиш ташаббуси муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ўртасида тизимли ҳамкорлик олиб боришнинг шакли ва тартиби белгиланди. Умумий устувор вазифа сифатида янги инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари рўйхатини маромига етказиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш белгиланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech