Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Покистон транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирадилар

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков Покистон Ислом Республикаси денгиз ишлари бўйича федерал вазири Али Ҳайдар Заиди билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида ҳар икки давлат ҳудудлари орқали юк ташишни жадаллаштириш бўйича биргаликда чоралар кўриш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутиб транспорт ва логистика ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича икки томонлама шериклик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистон ва Покистон товарларининг ҳар икки мамлакат бозорларига эркин киришининг таъминланиши ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичларининг сезиларли даражада ўсишига хизмат қилиши тўғрисида ягона фикрга келдилар.

Шу йўналишда Покистон томони Ўзбекистон "Гвадар", "Карачи" ва "Қосим" портларининг ривожланган инфратузилмасидан фойдаланиши учун мақбул шарт-шароитларни биргаликда ишлаб чиқишда маслаҳат ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди ва бунинг учун яқин келажакда Покистонга транспорт соҳасидаги бир гуруҳ ўзбекистонлик экспертлари юборилади.

Музокаралар якунида муҳокама этилган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш ва келишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Покистон Ислом Республикаси Денгиз ишлари бўйича федерал вазирлиги ва Покистон Миллий логистика корпорацияси (PNSC) раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech