Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Покистон стратегик ҳамкорликни жадал кенгайтиришни мўлжалламоқда

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг ташрифи доирасида Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Покистон Ислом Республикаси Қуролли кучларининг қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Қамар Жавад Бажва билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг юқори даражасини таъкидлаб, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келгусида биргаликда иш олиб боришга тайёрликларини билдирдилар.

Инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштиришнинг имкониятлари кўриб чиқилди ва истиқболли соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларни шакллантириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Покистонни боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутиб, транспорт-коммуникация соҳасидаги амалий ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири сифатида эътироф этилди. Бу соҳада амалга ошириладиган натижадор ҳамкорлик юк ташиш ҳажмларининг янада ошишига ижобий таъсир кўрсатадиган асосий омил бўлиб қолиши таъкидланди.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва аҳоли соғлигини муҳофаза қилишни таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш юзасидан алоҳида келишувга эришилди.

Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлар доирасида мулоқотни кенгайтиришга тайёрлигини билдириб, келгусидаги амалий ҳамкорлик формати тўғрисида келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech