Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султанов бошчилигидаги делегация билан кенгайтирилган учрашуви бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашув Ўзбекистон-Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишга бағишланди. Мулоқотда инвестициявий муносабатлар, савдо, саноат кооперацияси ҳамда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалаларга тўхталди.

Саноат кооперацияси йўналишида қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришнинг долзарблиги қайд этилди. Томонлар агросаноат мажмуаси, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, металлургия ва фармацевтика тармоқларида бугунги кунда кўриб чиқилаётган қатор лойиҳаларни муҳокама қилиб, янги лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида турли соҳаларда мавжуд бўлган салоҳият ва ишга солинмаган имкониятларни ўрганишга келишдилар.

Ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга урғу берилди. Яқин келажакда янги инвестициявий битимлар ва савдо шартномаларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва вилоятлар маъмуриятлари раҳбарларидан иборат делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини, шунингдек, жорий йилнинг охиригача Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес – форум ташкил этилиши муҳокама қилинди.

Икки томонлама савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу соҳадаги қатор масалаларни кўриб чиқиб, шу ойда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма Ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашувларини ташкил этишга келишиб олдилар. Бу икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш имконини беради.

Шунингдек, учрашув чоғида транспорт соҳасида қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида биргаликда фаолият юритиш учун навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech