Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Қозоғистон инвестициявий, савдо-иқтисодий ва минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда

Нур-Cултон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Скляр билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ва ҳудудлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон-Қозоғистон иқтисодий шериклигини ривожлантириш жадал кечаётганини таъкидлаб, янги қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишга қизиқиш билдирдилар.

Алоҳида лойиҳалар амалга оширилиши батафсил ўрганилди, мавжуд масалаларни ҳал этиш механизмлари ишлаб чиқилди ва уларни ўз вақтида жорий этишга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланди. Келишилган вазифаларни бажариш ҳамда истиқболли соҳалардаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун яқин мулоқотни ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қозоғистон Республикасига бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожига янги туртки бериши кутилмоқда.

Мулоқот чоғида томонлар ўзаро муносабатларнинг иқтисодий кун тартибининг муҳим қисми сифатида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳар йили ўтказиладиган Ҳудудлараро ҳамкорлик форумларида эришилган ўзаро келишувларнинг амалга оширилишининг мониторингини олиб бориш, инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш бўйича икки мамлакатнинг чегара ҳудудлари маъмуриятлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга келишилди. Яқин вақтда 2022 йил учун икки томонлама ҳудудлараро ҳамкорликнинг алоҳида дастурларини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Дастурлар режалаштирилаётган қўшма тадбирлар, тармоқ кўргазмалари, бизнес-форумлар ва савдо миссиялари рўйхатини ўз ичига олади. Ўз навбатида, тадбирлардан мақсад икки мамлакат ҳудудлари ишбилармонлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳалар ва савдо шартномалари сонини оширишдир.

Учрашув якунида эришилган келишувларни рўёбга чиқариш ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги йўналишларини белгилаш бўйича келгусидаги ҳамкорликнинг шакллари юзасидан келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech