Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш йўллари муҳокама қилинди

2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Озарбайжон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳусейн Гулиевни қабул қилди.

Музокаралар чоғида томонлар икки тарафлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартибини, уни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Инвестиция соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларида аниқ лойиҳалар кўриб чиқилди. Саноатнинг тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик ва электротехника соҳаларида ўзбек ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш учун Озарбайжон компанияларини жалб этиш ишларини жадаллаштиришга келишилди.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш йўллари муҳокама қилинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари яқин келажакда йиллик савдо айланмаси ҳажмини 500 млн долларгача етказиш учун барча шарт-шароитларга эга эканлиги таъкидланди.

Томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига ҳам эътибор қаратдилар. Ўзаро юк ташишни кўпайтириш ва икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишга йўналтирилган қўшма агрологистик кластерларни яратиш имкониятлари ўрганилди.

Алоҳида тартибда қатор икки томонлама тадбирларга, жумладан, Ўзбекистонга олий даражадаги ташриф ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш чора-тадбирларига тўхталиб ўтилди.

Музокаралар якунида томонлар олдин эришилган келишувларни амалга ошириш ва илгари суриш, шунингдек, икки томонлама шериклик йўналишларини кенгайтириш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech