Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари

Жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) президенти Цзинь Лицюнь ўртасида видеоконференция шаклида қўшма лойиҳаларнинг бугунги ҳолати, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган музокаралар ўтказилди.

Мулоқот чоғида ОИИБ раҳбарияти Марказий Осиё минтақасидаги стратегик шериклардан бири сифатида Ўзбекистон билан муносабатлар юқори даражада эканини қайд этиб, уни изчил кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар чоғида жорий йилнинг январь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон делегацияларидан иборат уч томонлама ишчи гуруҳининг йиғилишида ОИИБ томонидан қўллаб-қувватланган “Мозори Шариф – Кобул – Пешавор” транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Минтақа ҳудудида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ОИИБ миссиясининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлиги ва шу сабабли Банк раҳбарияти ушбу лойиҳани муваффақиятли ва ўз вақтида рўёбга чиқариш доирасида кўп томонлама ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди.

Музокаралар чоғида умумий қиймати 930 млн доллардан кўпроқ бўлган амалдаги ва ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бухоро вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини қуриш ва модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш босқичига ўтишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳанинг жорий этилиши натижасида Бухоро вилоятининг 1,1 миллиондан ортиқ аҳолиси ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади ва 100 мингга яқин киши марказлашган канализация тизимига уланади.

Инфратузилмавий қурилиш, соғлиқни сақлаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 2,1 млрд долларлик янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда экспорт қилувчи тадбиркорлар ҳамда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳоли бандлигини ошириш ва касаначиликни ривожлантиришга қаратилган ташаббус ва дастурларни молиялаштириш учун Банкдан қўшимча маблағ жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилади.

Музокаралар натижасида томонлар амалдаги лойиҳаларнинг ижросини жадаллаштириш ва биргаликда ишлаб чиқиш босқичида бўлган лойиҳаларни келишиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech