Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Корея Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикерининг ўринбосари Ким Сан Хи билан учрашди.

Очиқ ва ишончли мулоқот тарзида ўтган учрашув сиёсий ва дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни назарда тутган ҳолда, Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишга бағишланди.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражасини таъминлашда қонун чиқарувчи органларнинг муҳим ўрни ҳамда улар ўзаро ҳамкорлигининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга ижобий таъсири қайд этилди. Шу муносабат билан томонлар иккала парламентда ташкил этилган дўстлик ва ҳамкорлик ассоциациялари ва гуруҳларининг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш орқали парламент дипломатиясини изчил кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Давлат бошқаруви тизимида демократик асосларни кенгайтириш, ижро этувчи ҳокимият органлари устидан парламент назоратини амалга ошириш ва қонунчилик базасини, жумладан, бизнес ва инвесторлар билан муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштиришга доир тажриба алмашиш тўғрисида келишувга эришилди.

Корея томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш ташаббуси доирасида амалга оширилган чора-тадбирларни юқори баҳолади, шунингдек, ушбу жараён Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш динамикасига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Ўзбекистон томони “Янги шимолий сиёсат” ва “Корея-Марказий Осиё” Ҳамкорлик форуми доирасида Корея Республикаси билан икки томонлама ва кўп томонлама лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида қўшма ташаббуслар ва ҳамкорлик дастурларини илгари суришда синергетик самарага эришиш мақсадида икки мамлакат парламентлари ва ҳукуматлари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича алоҳида келишувларга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech