Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Исроил ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Исроил давлати туризм вазири, Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Йоэл Развозов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ташқи ишлар идоралари ва дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Конструктив руҳда бўлиб ўтган суҳбат давомида сиёсат, иқтисодиёт, инвестициялар, савдо, маданият ва туризм соҳаларидаги Ўзбекистон-Исроил ҳамкорлигининг қатор муҳим масалаларини муҳокама қилинди.

Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, бутунжаҳон ва минтақавий халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан, Бирлашган миллатлар ташкилоти доирасидаги мулоқотни ривожлантириш, шунингдек, турли даражадаги ўзаро ташрифлар сонини кўпайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Томонлар савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантириш бўйича биргаликдаги ишларнинг долзарблигини таъкидладилар. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификациялаш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, бу борада икки мамлакат ташқи савдо идоралари раҳбарларининг ўринбосарларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, Исроил компанияларини Ўзбекистонда тўқимачилик, кимё ва фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм каби соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Мулоқот чоғида жорий йилда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Исроил ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилишини, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форумни ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган барча соҳаларда яқин ва конструктив ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирдилар ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича кейинги саъй-ҳаракатларни келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech