Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодий шериклик кўламини кенгайтиришни режалаштирмоқда

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашди.

Учрашувда инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликка қаратилган икки томонлама муносабатларнинг кун тартиби кўриб чиқилди.

Икки мамлакатнинг иқтисодий алоқаларида ишга солинмаган салмоқли салоҳият ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришнинг самараси юқори бўлган қатор устувор йўналишлар қайд этилди.

Хусусан, томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги ҳамда Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишни тезлаштириш ва уларни қисқа муддатларда имзолаш долзарблигини таъкидладилар.

Ўзбекистон томони савдо-иқтисодий масалалар бўйича қўшма Ишчи гуруҳ тузиш ташаббусини олқишлади. Яқин вақтда Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишини ташкил этиш имконияти ва унинг кун тартиби бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Томонлар 2022 йилнинг биринчи чорагида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 13-йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларини, хусусан, тадбирни амалий мазмун билан тўлдиришни муҳокама қилдилар.

Томонлар янги истиқболли инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини ўрнатиш, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг кенг қамровли дастурини ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишларни фаоллаштиришга келишдилар.

Алоҳида тартибда ҳудудлараро ҳамкорликни, хусусан, Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Ҳиндистоннинг Гужарот штати ўртасида муносабатларни фаоллаштириш чора-тадбирлари ўрганилди. Бундан ташқари, инвестициявий, савдо ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Фарғона вилояти ва Харяна, Бухоро ва Ҳайдаробод, Тошкент ва Нью-Деҳли шаҳарлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Мулоқотда молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, томонлар Ҳиндистон Эксимбанки томонидан Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларида устувор лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун 448 млн доллар миқдорида маблағлар ажратилишини олқишлаб, ушбу лойиҳаларни амалга жорий этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олдилар. Шунингдек, Ҳиндистоннинг грант маблағларини жалб қилиш ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилаётган IT, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий йўналтирилган янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишилди.

Транспорт инфратузилмаси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутиб, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича фаол ишларни давом эттириш зарурлиги тўғрисида якдил фикрлар билдирилди.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг кўриб чиқилган барча йўналишларини янада кенгайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида “Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида янги метрологик лабораторияни ташкил қилиш ва жиҳозлаш” ҳамда “Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан жиҳозлаш” лойиҳаларини амалга ошириш учун грант маблағларини ажратиш бўйича Ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech