Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕОИК) раиси М.Мясникович ва савдо бўйича ЕОИК Ҳайати аъзоси (вазири) А.Слепнев билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомидаги Ўзбекистоннинг иттифоқ билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. ЕОИИ халқаро нуфузининг ортиб бориши ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик географиясининг кенгайиб бориши қайд этилди. Иқтисодий шерикликни ривожлантиришда ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан, ўтган тўрт йил мобайнида Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 75 фоизга ошди.

Келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритганда, томонлар ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик, тенг ҳуқуқлилик ва миллий манфаатларни инобатга олиш тамойилларига, шунингдек, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга ўзаро содиқлигини билдирдилар.

Томонлар инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтириш, тўсиқларсиз ўзаро савдо қилишга шароитлар яратиш ва минтақанинг транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма комплекс дастурларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шу нуқтаи назардан, логистика ва божхона жараёнларини соддалаштириш, мавжуд бўлган тўсиқларни олиб ташлаш, техник регламентлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш меъёрларини уйғунлаштириш, тариф ва нотариф тартибга солиш соҳасида мутахассислар малакасини ошириш, шунингдек, меҳнат миграциясини соддалаштириш ҳамда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича келгусида олиб бориладиган ишлар белгиланди.

Томонлар Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банки ва Евроосиё барқарорлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлигининг истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида юзага келадиган барча масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида ЕОИК билан экспертлар даражасида доимий алоқалар механизмини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳам Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech