Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва БМТ ТД ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ ТД маъмурининг ёрдамчиси ҳамда Европа ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги учун минтақавий ваколатхонаси директори Мирьяна Сполярич-Эггер билан учрашди.

Музокараларнинг кун тартиби билан БМТ ТД ва Ўзбекистон ўртасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ҳамкорлик каби кенг кўламли масалалар қамраб олинди.

М.Сполярич-Еггер БМТ ТДнинг Ўзбекистоннинг ижтимоий йўналтирилган, экологик жиҳатдан масъулиятли ва барқарор ривожланишини янада қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади. БМТТД, шунингдек, “БРМ локомотивлари” деб номланган тўртта йўналиш, яъни бошқарув, ижтимоий ҳимоя, “яшил” иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳаларида иқтисодий сиёсат чоралари ва инвестицияларни бирлаштириб, Ҳукуматнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) интеграциясини илгари суриш борасидаги саъй – ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрдир.

Суҳбат чоғида иштирокчилар БМТ ТД билан ҳамкорликда жорий этилаётган умумий қиймати 3,6 млн долларлик Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилишини ўрганиб, ушбу йўналишда мавжуд масалаларни кўриб чиқдилар. “Ўзбекистонда савдони рағбатлантиришга кўмаклашиш” лойиҳасини амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида режалаштирилган ташаббус ва келишувларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар тўғрисида келишиб олинди.

БМТ ТД Ўзбекистон Ҳукумати ва фуқаролик жамияти институтларига ўтиш даври муаммоларини бартараф этишда ёрдам беришга қаратилган кенг кўламли ишларни амалга оширади. БМТ ТД иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган билим, тажриба ва ресурсларга эга бўлишда давлат ва нодавлат институтларга кўмаклашади. Ҳозирги кунда БМТ ТД Ўзбекистонда умумий қиймати 26 млн долларга яқин 9 та лойиҳани амалга оширмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech