Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Афғонистон устувор йўналишларда мулоқотни ривожлантирмоқда

Жорий йилнинг 22 февраль куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар чоғида томонлар ўзаро муносабатларни комплекс кенгайтиришдан икки тараф ҳам манфаатдор эканликларини билдирдилар. Хавфсизлик масалалари, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича долзарб вазифалар кўриб чиқилди.

Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий фаолиятни қайта тиклашни жадаллаштиришга қаратилган ҳамкорликни тиклаш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.

"Термиз - Мозори-Шариф - Кобул - Пешавор" транс–афғон темир йўлини қуриш лойиҳаси, шунингдек, "Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линиясини ўтказиш лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги навбатдаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистон томони ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиришга ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, афғон томони Мозори-Шариф шаҳридаги халқаро аэропорт фаолиятини тиклаш доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда маҳаллий мутахассислар орасидан техник кадрлар тайёрлаш бўйича ташкил этилган тайёрлов курслари учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди. 

Учрашув якунида томонлар ўзбек-афғон ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш мақсадида мулоқотни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech