Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Афғонистон таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолади

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати делегациясининг Тошкентга ташрифи чоғида Афғонистон Ислом Республикаси Олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро англашув Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар иштирок этди.

Имзоланган Меморандумда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик қилиш, жумладан, ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида ҳар икки мамлакат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва илмий журналларда нашр ва мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ва тартиби белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш бўйича келишувга Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Афғонистон Ислом Республикасига шу йилнинг октябрь ойида амалга оширилган ташрифи чоғида эришилди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳақида гапирганда шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Сурхондарё вилояти Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. 2018-2019 ўқув йили давомида Марказда 96 нафар талаба “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича таҳсил олиб, барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти Университетининг бакалаври даражасига эга бўлишди.

Ҳозирги кунда марказда 172 нафар, жумладан, “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича 119 нафар, “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналиши бўйича 35 нафар, “Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши” йўналиши бўйича 18 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Бундан ташқари, шу йилнинг декабрь ойида Афғонистондан 10 нафар талабанинг Европа Иттифоқи кўмаги ва молиялаштирилиши асосида қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун келиши режалаштирилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech