Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Япониянинг йирик компаниялари билан учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Японияга ташрифи доирасида Mitsubishi Corporation, Marubeni Corporation ва Itochu Corporation каби йирик компаниялар билан учрашувлар ўтказди.

Энг йирик кўп тармоқли Mitsubishi холдинги билан ўтказилган учрашув давомида илғор япон технологиялари асосида замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш, Ўзбекистонда синтетик толалар ва қатронлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ва нефт-газ секторида қатор лойиҳаларни амалга оширишда компания иштирокининг истиқболлари муҳокама қилинди.

Marubeni корпорацияси раҳбарлари билан Япония ҳукумати ва инвесторларининг маблағларини жалб қилган ҳолда, металлургия, нефт-газ ва кимё саноати соҳаларида, шунингдек, транспорт қурилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги ва маиший техника ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳаларда иштирок этиш орқали, Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.

Itochu компанияси билан ички бозор эҳтиёжларини қондириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш мақсадида, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш даражасини кўтариш ҳисобига, Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кучайтириш механизмлари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Япония тарафи автомобилсозлик маҳсулотларининг янги сегментларини ўзлаштириш ва, бундан ташқари, ўз фаолиятини тўқимачилик, кимё, тоғ-кон ва озиқ-овқат саноатини қамраб олган ҳолда, диверсификация қилиш таклифини қизиқиш билан қабул қилди.
Компаниянинг уран, рух, қўрғошин қазиб олиш ҳамда уран ва нодир ер металларини чиқариб олиш мақсадида, Ўзбекистон тоғ-металлургия корхоналари чиқиндиларини чуқур қайта ишлаш лойиҳаларида иштирок этиши масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Шунингдек, ҳамкорлар билан Ўзбекистондан Японияга табиий уран этказиб бериш бўйича янги шартномаларни тузиш борасидаги ўзаро мақсадлар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ўзаро амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳолати билан боғлиқ бўлган масалалар муҳокама қилинди ва компанияларнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфелини янада кенгайтириш йўллари ишлаб чиқилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech