Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон – Туркия бизнес форуми – мулоқот ва ғоялар алмашинуви учун самарали майдонча

Туркия ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Туркия Республикаси вице-президенти Ф.Октай, Ўзбекистон томонидан тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 250 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Форум очилиши маросимида Ўзбекистон ва Туркия делегациялари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат савдо-саноат палаталари раҳбарлари сўзга чиқдилар.

Чиқишлар давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвесторлар учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Солиққа солиш соҳасини ислоҳ қилиш, иқтисодиётнинг шаффофлигини ошириш, ер участкалари ажратиш тартиб-қоидаларини такомиллаштириш, хорижий инвесторларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмлари ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқлар санаб ўтилди. Турк саноатчилари ва тадбиркорларининг Ўзбекистон иқтисодиётининг енгил саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника ва бошқа соҳаларида ўзбекистонлик шериклар билан ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда эришган муваффақиятлари алоҳида таъкидланди.

Мамлакатда ўз фаолиятини амалга ошираётган ҳар бир турк инвестори билан лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида иш олиб борилаётганлиги таъкидланди. Бундан ташқари, Туркия инвестицияларини жалб этиш ва Туркия бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қўшимча заҳира ва имкониятлар ўрганилмоқда.

Форум доирасида вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарларининг тақдимотлари бўлиб ўтди. Уларда турк компаниялари билан келгусида биргаликда рўёбга чиқариш учун энергетика, туризм, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа қатор йўналишлардаги истиқболли лойиҳалар тақдим қилинди.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ишбилармон доиралар вакилларини қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш бўйича аниқ келишувларга эришиш мақсадида фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.

Форум якунлари бўйича умумий қиймати 679 млн. долларга тенг бўлган 25 та ҳужжат имзоланди, шу жумладан, умумий қиймати 514,7 млн. долларга тенг бўлган 10 та инвестиция лойиҳаси бўйича ҳужжатлар ҳамда 165,2 млн. долларлик 15 та савдо шартномалари имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech