Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон - Саудия Арабистони кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди

Жорий йилнинг 25 январь куни Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқотда, шунингдек, Саудия Арабистони томонидан Саудия Арабистони компанияларини рағбатлантириш Миллий агентлиги ва хусусий сектор вакиллари - “АCWА Power”, “Dr. Sulaiman Al-Habib Medical Group” (HMG) ва “DirectFN Ltd.” компаниялари раҳбарияти, Ўзбекистон томонидан эса Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти иштирок этди.

Томонлар Саудия Арабистони хусусий сектор вакилларининг Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, идора ва компаниялари раҳбарлари билан музокаралари натижаларини назарда тутган ҳолда, Саудия Арабистони делегациясининг мамлакатимизга амалга оширган ташрифининг амалий самараларни батафсил муҳокама қилдилар.

Саудия Арабистони томони сафарнинг юқори натижадорлигини қайд этди - делегация аъзолари ўзбекистонлик бўлажак ва амалдаги ҳамкорлар билан шерикликнинг барча жабҳаларини бевосита муҳокама қилиш, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаш имконига эга бўлди. Бундан ташқари, идоралараро даражадаги икки томонлама яқин ҳамкорлик инвестиция ва савдо-иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш учун муҳим салоҳиятга эга устувор йўналишларни белгилаб олишга қулай шароит яратди.

Хусусан, муқобил энергия манбалари асосида ишлайдиган электр станцияларини қуриш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, қолаверса, Ўзбекистон миллий электр энергияси тизимини давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асосида модернизация қилиш орқали энергетика соҳасидаги Ўзбекистон-Саудия Арабистони алоқаларини янада кенгайтиришга келишиб олинди. Учрашув давомида яқин келажакда икки томонлама асосда пухта ўрганиш объекти бўладиган аниқ лойиҳа таклифлари муҳокама қилинди.

Қишлоқ аҳолиси ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этиш ҳамда хорижга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кейинчалик етказиб беришни ташкил этиш асосида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва чорвачилик соҳасида Ўзбекистон-Саудия Арабистони қўшма корхоналарини ташкил қилиш истиқболлари қайд этилди.

Шунингдек, учрашув давомида Саудия Арабистони томони Саудия компанияларининг корпоратив ижтимоий масъулият тамойиллари асосида Ўзбекистон Республикасининг чекка ҳудудларини ижтимоий ва инфратузилмавий ривожлантириш бўйича лойиҳа ҳамда дастурларни амалга ошириш учун жалб этишга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари, нефть-газ саноати, соғлиқни сақлаш, металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация соҳаси, транспорт ва логистика, фонд бозорини ривожлантириш ва туризм каби қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Учрашув якунлари бўйича Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида муҳокама этилган лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қўшма “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш ҳамда эришилган келишувлар ижросини мониторинг қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш борасида икки томонлама Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Ўз навбатида, томонлар яқин вақт ичида Саудия Арабистонида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши ҳамда Ўзбекистон-Саудия Арабистони ишбилармонлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форумни ўтказиш бўйича қўшма тайёргарликни бошлашга келишиб олдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Dr. Sulaiman Al-Habib Medical Group” компанияси ўртасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан “DirectFN Ltd.” компанияси ўртасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech