O'zbekcha Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 3-4 июнь кунлари Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Москва шаҳрига (Россия) ташриф буюрди. Икки кунлик ташриф давомида Россия Федерациясининг бир қатор расмийлари, хусусан, Ҳукумат Раисининг ўринбосари Алексей Оверчук, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалдаги келишувларнинг ҳаётга жорий этилиши, шунингдек, Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг барча соҳаларида мустаҳкам алоқалар ҳамда фаол ҳамкорлик кузатилаётганлиги қайд этилди. Олдин келишилган лойиҳалар, дастур ва ташаббусларни илгари суриш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга ўзаро содиқлик билдирилди.

Инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришнинг амалий механизмлари бўйича муштарак позициялар ишлаб чиқилди.

Учрашув якунида томонларни қизиқтирган масалаларни ҳал қилишга қаратилган навбатдаги тадбирлар бўйича таклифлар алмашилди ҳамда ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган барча йўналишларига доир амалий ҳамкорлик қилиш йўллари тўғрисида келишиб олинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech