Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун инвестиция фаолияти сарҳисоби

2019 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 220,7 трлн сўмга етказилиб, тасдиқланган йил прогнозига нисбатан 2 баробарга ўсди. Шу ўринда асосий капиталга инвестициялар хажми 189,9 трлн сўмни, 2018 йил кўрсаткичларига нисбатан ўсиш темпи эса 1,3 баробарни ташкил этди.

Асосий капиталга инвестициялар хажмининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2018 йилда 30 фоиздан амалдаги 36,2 фоизга қадар ўсди (умумий инвестициялар хажмининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2019 йил натижалари билан 42,1% ташкил этди).

Ҳисобот даврида 2,8 мингдан ортиқ ижтимоий, инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди: 145 та йирик ишлаб чиқариш объектлари,167 та йирик ҳудудий лойиҳалар, 2,5 мингдан зиёд ижтимоий ва инфратузилма объектлари.

Инвестиция фаолиятининг сезиларли ўсиши 13,3 млрд.долл.ни ташкил этган ҳорижий инвестицияларнинг оқими ва ўзлаштирилиши билан бевосита боғлиқ бўлиб, унда:

тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ва кредитлар – 9,3 млрд. доллар (шундан асосий капиталга – 6,6 млрд. долл.;)

давлат кофлати остидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар – 4,0 млрд. доллар (шундан асосий капиталга – 3,2 млрд доллар) ўзлаштирилди.

Бунда ўзлаштирилган тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий инвестициядаги улуши 37 фоизга етказилди (таққослаш учун 2018 йилда бу кўрсаткич 10,5%ни ташкил этган).

БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференциясининг (ЮНКТАД) ҳисоботига кўра, жаҳон миқёсида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми кетма-кет учинчи йил пасайиб, глобал молиявий инқироздан сўнг дарҳол кузатилган энг паст даражага етди. 2018 йил охирида бу кўрсаткич 19 %га камайди (2017 йилда – 16%).

Бундан ташқари, ривожланаётган мамлакатлар бўйича ЮНКТАДнинг ҳисоботига кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ижобий ўсиши Осиёда кузатилиб, унинг ҳажми 5%га ўсди. Шу ўринда Марказий Осиё мамлакатларида хорижий инвестицияларнинг ўсиши ўртача 8-10 %ни ташкил этган бўлса, Ўзбекистон Республикасида бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига (2,9 млрд.доллар, шундан асосий капиталга – 1,6 млрд доллар) нисбатан 3,2 баробарни ташкил этди (9,3 млрд доллар, шундан асосий капиталга – 6.6 млрд доллар) ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўсиш суръатлари бўйича республикамиз етакчиликни таъминлади.

Хорижий инвестицияларни республикага жалб қилиш бўйича асосий хорижий хамкорлар сифатида Хитой, Россия ва Германияни эътироф этиш мумкин, шу билан бирга Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритадиган давлатлар умумий сони 50 тадан ошди. Натижада йирик инвестор-давлатларнинг умумий жалб қилинаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлардаги улуши 34%гача қисқарди.

2018 йил кўрсаткичларига нисбатан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилишнинг фаол ўсиши электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш (ўсиш – 7,5 баробар), металлургия (ўсиш – 4,6 баробар), тўқимачилик (ўсиш – 2,5 баробар), чарм-пойафзал (ўсиш – 2,1 баробар) ва нефть-газ (ўсиш – 2 баробар) тармоқларида кузатилди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар оқимининг ўсиш суръати ҳудудий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларда ҳам мустаҳкамланиб бориб, уларнинг умумий ҳажми 2019 йилда 4,8 млрд долларни (шундан асосий капиталда – 4,2 млрд доллар) ташкил этиб, 2018 йил мос даврига нисбатан 4 баравар ва 2017 йилга нисбатан 24 баравар кўпайди. Фақат хорижий капитал иштирокида ҳудудларда умумий қиймати 858,5 млн долларга тенг 167 та лойиҳа фойдаланишга топширилди.

2020 йил ва ундан кейинги йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни фаол жалб қилиш, уларни электр энергетика, ахборот технологиялари, шунингдек мавжуд ҳом ашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат занжирини яратишга қаратилган кимё саноати, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби устувор соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали уларнинг йўналишларини диверсификация қилиш ишлари давом эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ-4563-сон қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастурига мувофиқ 2020 йилда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан асосий капиталга қарийиб 233,2 трлн. сўм капитал қўйилмалар ўзлаштирилиши режалаштирилган, бунда тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ва кредитларнинг – 7,1 млрд. доллар, давлат кафолати остидаги ҳорижий инвестициялар ва кредитлар – 2,7 млрд. доллар ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Хусусан, 2020 йилда ижтимоий, инфратузилма ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган 2 мингдан зиёд объектлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган: 206 та йирик ишлаб чиқариш қувватлари, 240 та ҳудудий ишлаб чиқариш объектлари, 1,6 мингта ижтимоий ва инфратузилма аҳамиятига эга объектлар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech