Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 21-йиғилишига тайёргарлик кўришга оид ишчи йиғилиш бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раислигида Бухоро шаҳрида шу йилнинг 12 октябрь куни ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 21-йиғилишига ўз вақтида ва сифатли тайёргарлик кўришга бағишланган ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетников ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраисларидир.

Йиғилиш давомида вазирликлар ва тегишли идоралар раҳбарларининг Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати, шунингдек, яқинда бўладиган йиғилишга тайёргарликнинг бориши тўғрисида ҳисоботлари тингланди.

Ўзбекистон томонидан ҲКнинг 9 та кичик комиссияси раҳбарлари савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ва минтақалараро ҳамкорлик қилиш, банк-молия, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фан, таълим ва маданият соҳаларида биргаликда фаолият юритиш йўналишларида ҲКнинг 20-йиғилиши баённомаси билан қабул қилинган қарорларини бажариш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот беришди.

Йиғилиш давомида иштирокчилар эътибори ишлаб чиқилаётган қўшма лойиҳалар ва ташаббуслар доирасида Россия томони билан ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарурлигига қаратилди.

Шунингдек, республика вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг масъул раҳбарларига Россия Федерацияси ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи давомида россиялик шериклар билан муҳокама қилиш учун ҳамкорлик қилишнинг янги имкониятларини ҳар томонлама ўрганиш ва аниқ лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech