Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида молия-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида молия-техникавий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

ГФР томонидан тадбирда Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) раҳбарияти, Ўзбекистон томонидан эса бир қатор тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари иштирок этдилар. BMZнинг Марказий Осиё, Афғонистон ва Покистон билан ҳамкорлик қилиш бўйича департаментнинг бошлиғи Х.Лицингер ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев тадбирга ҳамраислик қилдилар.

Маслаҳатлашувлар чоғида амалдаги молия-техникавий ҳамкорлик дастурининг бажарилиши ва 2021 йилда амалий ҳамкорлик қилиш доирасида устувор йўналишлар тўғрисида фикр алмашилди.

Германиялик шериклар Ўзбекистонда иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳоладилар. Бунда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, олий таълим, аҳоли бандлигини таъминлаш, стандартлаштириш ва карантин хизматларини такомиллаштириш, республика давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш, шунингдек, Оролбўйи минтақасини комплекс ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мавжуд имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунлари бўйича келаси йилги ҳукуматлараро музокаралар доирасида тасдиқлаш мақсадида Ўзбекистон учун устувор йўналишларни ҳисобга олган ҳолда 2021 йилга мўлжалланган лойиҳаларнинг истиқболли рўйхатини тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech