Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раислигида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) лойиҳасини келишиш бўйича музокараларнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда тегишли вазирлик, идора, қўмита ва агентликлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раҳбарлари иштирок этди.

Ҳужжат икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. У томонлар ўртасида 1996 йилда имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига қабул қилишга мўлжалланган.

Учрашув давомида КШҲБнинг тегишли боб ва бўлимларини ишлаб чиқишнинг бориши тўғрисида Ўзбекистон томонидан музокаралар гуруҳлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Ўзбекистон айни пайтда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг фаол босқичидалигини инобатга олган ҳолда, ЖСТ ва КШҲБ доирасида республика томонидан қабул қилинаётган мажбуриятларни уйғунлаштириш бўйича Европа томони билан конструктив мулоқот ўрнатиш устувор вазифа эканлиги қайд этилди.

Муҳокама якунлари бўйича вазирлик ва идоралар раҳбарларига музокараларнинг 7-раундида фаол иштирок этиш бўйича топшириқлар берилди.

Маълумот учун: жорий йилнинг 8 февралидан 12 февралигача видеоконференция шаклида КШҲБнинг савдо қисми бўйича икки томонлама музокараларнинг 7-раунди бўлиб ўтади ва унда товар ҳамда хизматлар савдоси, ўзаро инвестициялар, техник тартибга солиш механизмлари, санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қатор масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилган. Музокараларда Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари ва Европа Иттифоқи муассасалари вакиллари иштирок этади. Эслатиб ўтамиз, 6-раунд музокаралари 2020 йилнинг 14-18 сентябрь кунлари видеоконференция шаклида бўлиб ўтган эди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech