Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосининг барқарор ривожланиши кафолатланади

Жорий йил 16 март куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинглар, Марказий ва тижорат банклари раҳбарлари ҳамда  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий ҳокимият органларининг инвестициялар ва ташқи савдо соҳаси учун масъул бўлган раҳбарлари иштирокида коронавирус пандемияси эълон қилинганлиги оқибатида юзага келган жаҳон иқтисодий конъюнктураси шароитида инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг мувофиқлаштируви остида, тегишли вазирлик ва идоралар маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд кесимида айрим давлатларда пандемия сабабли юзага келган иқтисодий ва транспорт-коммуникация чекловлар шароитида маҳаллий тадбиркорларни самарали қўллаб-қувватлашни таъминлашга қаратилган фавқулодда ва ностандарт чора-тадбирларнинг манзилли дастурларини ишлаб чиқиш борасида қарор қабул қилинди.

 Манзилли дастурлар инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни тижорат банклари билан яқин ҳамкорликда молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини қамраб олади.

Хорижий ҳамкорлар билан яқин кооперация орқали маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишнинг янги механизмлари жорий этилади. Бунда, халқаро юк ташувлари барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикасида темир йўл ва автомобил транспорти орқали халқаро юк ташишнинг барқарор ривожланиши таъминланаётгани таъкидлаб ўтилди.

 Шунингдек, бир қатор мамлакатларда жорий этилган логистика чекловлар сабабли туфайли юк ташишнинг муқобил йўналишларини ишга тушириш натижасида юзага келган экспорт маҳсулотларини ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Масъул раҳбарларга Ўзбекистон Республикасида экспорт ва импорт юкларининг темир йўл ва автомобил транспорти орқали тўсиқсиз ташилиши ҳамда мамлакат ҳудуди бўйлаб юкларнинг ҳеч қандай чекловларсиз транзити сақлаб қолиниши борасидаги маълумотларни инвестициялар ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги хорижий ва халқаро ҳамкорларнинг кенг доираларига  етказиш топширилди.

Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтувчи барча пунктларда коронавирус касаллиги белгиларини аниқлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги томонидан транспорт воситалари экипажлари аъзолари назорати ташкил этилди.

 Муҳокама якуни бўйича эълон қилинган топшириқлар доирасида аниқ раҳбар ва ижро муддатларини белгиланган ҳолда биринчи навбатдаги вазифалар белгилаб берилди.

 Шу мақсадларда, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида куну-тун фаолият юритувчи Экспортчилар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш Республика штаби ташкил этилди. Штаб таркибига ташқи савдо ва инвестиция фаолиятининг барқарор режимини таъминлаш билан боғлиқ барча масалаларни тезкор ҳал этишни таъминловчи тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари киритилди.

  

Штабнинг ишонч телефони:
+ 998 71 238-52-52

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech