Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон-Покистон кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантириш борасида келгусидаги қадамлар белгиланди

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шериклик соҳасидаги масалалар муҳокамасига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган мавжуд битимларни амалга оширишга ўзаро содиқлигини билдирдилар. Жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг шунингдек, Ўзбекистон-Покистон ишбилармонлар Кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ҳамда иккала мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форумни ўтказиш масаласи тўғрисида келишиб олинди.

Инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, томонлар икки томонлама инвестиция алоқаларини ўрнатиш ва тўқимачилик, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, тоғ-кон саноатида Ўзбекистон-Покистон қўшма корхоналарини босқичма-босқич ташкил этиш бўйича барқарор механизмларни жорий этиш истиқболларини муҳокама қилдилар ва шу муносабат билан яқин келажакда “G2B” форматида музокараларни ташкил этишга келишиб олдилар.

Мулоқот чоғида ҳар икки мамлакат бозорларига талабга эга маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш йўли билан ўзаро савдо ҳажмини оширишга қизиқиш билдирилди. Шу нуқтаи назардан, икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асосларини яратиш муҳимлиги таъкидланди ва имтиёзли савдо тўғрисида Битимни имзолаш масаласи устида иш олиб бориш шунингдек, маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш натижаларини тан олиш бўйича ҳукуматлараро Битимни ишлаб чиқиш ва имзолашни жадаллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар Тошкент шаҳрида ўзбек экспорт товарларини Покистонга олиб бориш ва Ўзбекистонга Покистон товарларини етказиб беришни ташкил этишга йўналтирилган Ўзбекистон–Покистон инвестиция - логистика савдо уйини ташкил этиш шунингдек, Термиз шаҳрида унинг логистика маркази шаклидаги филиалини қуриш истиқболларини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, ушбу савдо уйи бўлажак инвесторларга қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда маҳсулотларини сотишлари учун бозор ва бошқа каналларни топишда икки мамлакат экспортчиларини қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлади.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Покистон Ислом Республикаси Тижорат вазирлиги ўртасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича доимий фаолият юритувчи махсус ишчи гуруҳ ташкил этилишини назарда тутувчи Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур гуруҳ фаолияти доирасида томонлар уч соҳада - савдо ва инвестициялар, транспорт ва логистика ҳамда молия секторида ҳамкорлик масалаларини ишлаб чиқадилар. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан Ҳукуматлараро комиссиясининг бўлажак йиғилишида имзолаш учун устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech