Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлигининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро келишувларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ҳамда олий даражада бўлиши кутилаётган тадбирларга тайёргарлик кўриш ишлари муҳокама қилинди.

“Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари алоҳида муҳокама қилинди.

Томонлар тўқимачилик, чарм, фармацевтика ва кимё саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қатор истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида тўхталиб, юзага келаётган масалаларни ҳал этишда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак беришга содиқлигини билдирди.

Музокаралар якунида жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг VI-йиғилиши ҳамда ҳар икки мамлакатнинг етакчи ишбилармон доиралари иштирокида Ишбилармонлар кенгаши йиғилишини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech