Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Нур-Cултон шаҳрида Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султанов билан учрашди.

Икки томонлама савдони янада ривожлантириш ва бу йўналишда қўшма ташаббусларни амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ўтган 4 йил мобайнида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоизга ошиб, 2020 йилда 3 миллиард доллардан ошгани қайд этилди. Жорий йилнинг ноябрь ойи якунлари бўйича ўзаро савдо ҳажми 3,1 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ўсди.

Кейинги 5 йил давомида ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифасини амалга ошириш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгиланди. Мавжуд бўлган савдо тўсиқларини бартараф этиш ҳамда икки давлатнинг транспорт, логистика ва транзит салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Шу муносабат билан икки давлатни боғловчи автомобиль ва темир йўл инфратузилмалларини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини мунтазам ва тезкор етказиб бериш бўйича жорий этилган “Агроэкспресс” логистик лойиҳасига Қозоғистон қўшилишининг истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар сертификатлаштириш жараёнларини уйғунлаштириш, божхона расмийлаштируви масалаларини ҳамда чегарадан ўтиш тартиб-таомиллари устида ишлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳини ташкил этишга келишиб олди.

Икки мамлакатнинг чегара ҳудудида Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Ушбу ташаббусни икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларини жалб қилган ҳолда ҳаётга татбиқ этиш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.

Сувдан фойдаланиш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, Оролбўйи минтақасида экологик мувозанатни тиклаш ҳамда Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Кун тартибидаги бошқа масалалар қаторида Қозоғистон томонининг 2022 йилда Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган 1-Халқаро Оролбўйи форумида иштирок этишининг истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида кўриб чиқилган икки томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича алоҳида келишувларга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech