Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон – Испания: ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Кудратов билан Испания Қироллигининг савдо бўйича Давлат котиби Шиана Мендес ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Томонлар Испания ҳукумати ва ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётган бир шароитда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини эътироф этдилар. “Ўтган йилда жаҳон иқтисодиёти бошдан кечирган пандемиядан сўнг, биз савдо-иқтисодий алоқаларни қатъият билан рағбатлантириш вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, дея қайд этди Ш.Мендес.

Испания ҳукумати Испания саноат, савдо ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Корхоналарни интернационализация қилиш жамғармаси (FIEM) линияси ҳисобига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш орқали Испания компаниялари иштирокида Ўзбекистонда саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканлиги маълум қилинди. Жумладан, Испаниянинг “Тальго” компанияси тезюрар электр поездларини, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ локомотив ва вагон паркининг ишончли ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун испан ишлаб чиқарувчиларининг синов ускуналарини етказиб беришга катта ҳисса қўшмоқчи эканлиги билдирилди.

Учрашув давомида 2021 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Испания Ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи таъсис йиғилишини ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, энергетика ва туризм каби соҳаларда аниқ лойиҳалар доирасида ўзаро шериклик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида “B2B” шаклида Испания ишбилармонлари иштирокида Ўзбекистонда бир қатор тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳамкорлик юзасидан келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech