Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон – Германия: икки томонлама ҳамкорликнинг юқори динамикаси ва кенг истиқболлари

Жорий йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Германия Федератив Республикаси (ГФР)нинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гюнтер Оверфелд билан учрашди.

Учрашув чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда уни янада кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларда аниқ рақамларда ифодаланган ижобий тенденциялар кузатилди. Масалан, 2020 йилда немис инвестициялари ҳажми 25 фоизга ўсиб, 700 млн доллардан ошди ва Германияга экспорт ҳажми 17 фоизга кўпайди.

Бундан ташқари, ГФР ҳукумати ва ишбилармон доираларининг ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш ва белгилаш орқали Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтириш борасидаги қизиқиши юқорилиги алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат бизнес вакилларини бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш долзарблиги ҳақида якдил фикрга келинди. Шу муносабат билан жорий йилнинг март ойида Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси билан ҳамкорликда етакчи немис компаниялари иштирокида виртуал давра суҳбати ташкил этишга келишиб олинди. Тадбирнинг мақсади янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлади.

Бундан ташқари, жорий йилда Баварияда “Ўзбекистон иқтисодиёти кунлари” ва Ўзбекистонда “Бавария иқтисодиёти кунлари”ни ҳамда Ўзбекистон – Германия Ишбилармон кенгашининг 5-йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ қатор ташкилий масалалар юзасидан ҳам келишувларга эришилди.

Кун тартибида Ўзбекистон – Германия савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш меҳанизмлари алоҳида ўрин эгаллади. Томонларнинг умумий фикрига кўра, Ўзбекистоннинг «Import Promotion Desk» Германия импортчилари порталига қўшилиши, Европа Иттифоқининг “GSP+” Преференциялар бош тизими бенефициар мақомини олиши ва Республиканинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши бунга сезиларли туртки бўлади. Дипломатик миссия раҳбари Германия ҳукуматининг ушбу ташаббусларни муваффақиятли амалга оширишда Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмак беришга содиқлигини билдирди.

Маҳаллий маҳсулотларни ГФР бозорига чиқариш, шунингдек, барқарор ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш мақсадида йирик немис тўқимачилик брендлари ва ўзбек ишлаб чиқарувчилари иштирокида видеоконференция ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Ўз навбатида, молиявий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди: томонлар Германия Ҳукуматининг жалб этилган грант ва кредит маблағлари ҳисобига илгари келишилган лойиҳаларни самарали рўёбга чииқаришга ўзаро қизиқиш билдирдилар.

Хорижий томон “Мозори Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасига ҳам катта қизиқиш билдирди. Мулоқот чоғида, шу жумладан, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда германиялик эксперт ва маслаҳатчиларни жалб этиш орқали ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама этилди.

Учрашув якунида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларини илгари суриш мақсадида яқин ҳамда изчил ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech