Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Буюк Британиянинг Преференциялар бош тизими (GSP EF)нинг Кенгайтирилган схемасига қўшилган биринчи мамлакатдир

2021 йил 25 октябрь куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ҳукуматининг расмий веб-сайтида халқаро савдо бўйича Давлат котибининг Ўзбекистон Республикасини Буюк Британиянинг Преференциялар бош тизимининг Кенгайтирилган схемаси (“GSP Enhanced framework”)га қўшиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабари чоп этилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Буюк Британиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари, Истанбул шаҳридаги Буюк Британия Бош консули К.Полео, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчисининг ўринбосари С.Андерсон, шунингдек Буюк Британиянинг GSP бўйича мутахассиси Ф.Хартвелл сўзга чиқди.

Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб ушбу мақомга эга бўлган мамлакатга айлангани алоҳида таъкидланди. Мазкур қарор Ўзбекистон томонидан жорий йилнинг апрель ойида киритилган мурожаатини кўриб чиқиш натижалари асосида қабул қилинди.

Буюк Британия ЕИдан чиқишидан кейин ривожланаётган мамлакатлар учун ўзининг жорий этган “GSP Enhanced Framework” тизимининг “Кенгайтирилган схемаси”га мувофиқ учинчи давлатлардан импорт қилинадиган товарларга ЕИнинг “GSP+” тизимига ўхшаш имтиёзларни қўллайди.

Ушбу қарор қабул қилинишидан олдин Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Халқаро савдо вазирлиги ўртасида бир қатор маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Матбуот анжумани иштирокчилари Буюк Британиянинг “GSP Enhanced framework” тизими бўйича ўзбек товарларига имтиёзлар 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб қўлланилаётганлигини таъкидладилар. Яқин келажакда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларини янги тизимнинг афзалликлари, шунингдек, қабул қилинган имтиёзлардан фойдаланиш механизмлари билан таништириш бўйича тадбирлар ташкил этилади.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари ратификация қилинган ҳамда GSP EF бенефициар мақомини олиш шартларидан бири бўлган атроф-муҳит, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқлари, шунингдек, самарали бошқарув соҳасидаги 27 асосий халқаро конвенция қоидаларини тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳукуматнинг содиқлиги қайд этилди.

Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари маърузачилар билан мулоқотда бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Маълумот учун: мазкур қарор қабул қилинишидан олдин Ўзбекистон Преференциялар бош тизимининг базавий схемаси (“GSP General framework”)нинг берадиган имтиёзлардан фойдаланиб келган эди. Унга кўра, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар 3000 га яқин маҳсулотни Буюк Британияга божхона тўловларини ундирмасдан ва 3200 та маҳсулотни пасайтирилган ставкаларда экспорт қилишлари мумкин эди.

“GSP Enhanced Framework”нинг бир томонлама тариф имтиёзларига эга бўлганидан сўнг, ўзбек ишлаб чиқарувчилари Буюк Британияга божсиз экспорт қила оладиган товар позицияларининг сони 3000 дан 7800 гача ошди.

Мамлакатнинг Буюк Британиянинг “GSP Enhanced Framework” бенефициар мамлакатлар рўйхатига киритилиши Буюк Британияга экспорт ҳажмини сезиларли даражада кўпайтириш ва Британия бозорида ички товарлар рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.

Буюк Британиянинг “GSP EF” доирасида имтиёзлар қўлланадиган товарларнинг рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

https://www.trade-tariff.service.gov.uk/sections

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech