Урганч шаҳрида ҳукуматлар раҳбарлари даражасида Қўшма комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

2019 йил 30 май куни Россия Федерацияси Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Урганч шаҳрида ҳукуматлар раҳбарлари даражасида Қўшма комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди: мазкур йиғилиш 2018 йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган икки томонлама ҳамкорликнинг янги формати ҳисобланади.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-маърифий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, энергетика, саноат, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳасида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Учрашувда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов икки томонлама муносабатларнинг ҳолатини изоҳлар экан, Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ўртасидаги янги ҳамкорликнинг икки мамлакат ишбилармон доиралари фаоллигини ҳисобга олмаган ҳолда амалга ошириш мумкин эмаслигини таъкидлади ҳамда Россия ишбилармон доирасига жорий йилнинг октябр ойида Тошкент Халқаро инвестициявий форумида тақдим этилиши режалаштирилган 90 та инвестициявий лойиҳани биргаликда амалга оширишни таклиф қилди.

Тадбир якунида турли соҳалар бўйича ҳамкорлик тўғрисида қўшма ҳужжатлар имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech